Спорт курашлари: 2025 йилда неча нафар спортчи терма жамоаларга жалб этилади?

276

Мамлакатимизда маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, уларни саралаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, бунда спорт турлари бўйича ўтказилаётган чемпионатлар, биринчиликлар қаторида оммавий спорт ўйинларининг алоҳида ўрни бор, албатта.

Хўш, ўтган йиллар мобайнида спорт курашларининг олимпия ўйинлари тизимидан ўрин олган эркин, юнон-рум ва аёллар курашида самарадорликка эришилдими? 

Бошқача айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил имзоланган “Спорт курашларининг олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўрсатиб ўтилган Ўзбекистон миллий терма жамоалари ва уларнинг захира таркиблари маҳаллий спортчилардан шакллантирилишига алоҳида эътибор қаратиш вазифаси қай даражада амалга оширилди? 

–Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича мамлакат терма жамоалари ва уларнинг захира таркибларига саралаб олиш учун 2024 йил давомида республика миқёсида 10 та мусобақа ташкил этилди. Мазкур мусобақаларда 483 нафар маҳаллий спортчилар 1–3-ўринларни эгаллади. Бу нимани англатмоқда? Бу, энг аввало, ушбу иқтидор эгалари 2025 йил учун Ўзбекистон миллий терма жамоалари ва уларнинг захира таркибларига саралаб олинганидан далолат. Айнан улар ичидан сараланган, ўз истеъдодини намойиш этганлар халқаро мусобақаларда, қитъа ва жаҳон чемпионатларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади, — дейди Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Санъат Ғуломназаров.

Рақамларга эътибор қаратилса, 2025 йил учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига саралаб олинган спортчиларнинг ёш тоифаларига кўра, аёллар курашида 20 нафар спортчи асосий, 20 нафари захира таркибга киритилган бўлса, қизлар, ўсмир қизлар ва кичик ўсмирлар орасида асосий таркибдан 60 нафар, захира таркибдан 58 нафари жой олишга муваффақ бўлган.

Эркин кураш бўйича мамлакат миллий терма жамоаси таркибида 20 нафар асосий, 20 нафар захира спортчилар олинган бўлса, U23да 4 нафари асосий, 1 нафар захира.

Ўсмирлар, ёшлар ва кичик ўсмирлар таркиби умумий ҳисобда 120 нафар спортчи билан тўлдирилганига гувоҳ бўламиз.

Шунингдек, юнон-рум курашида ҳам иқтидорли спортчилар сараланиб, ёш тоифалари бўйича 80 нафар асосий, 80 нафар спортчи захира таркибга киритилди.

Т.Рўзиев, ЎзА