Қозоғистон хорижликлар учун тўлов карталари муддатини бир йилгача қисқартирди

Қозоғистон Республикаси Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги қонунчиликка чет элликлар учун тўлов карталари амал қилиш муддатини 12 ойгача чеклайдиган ўзгариш киритди. Бу қарор гиёҳванд моддалар ва рақамли активлар ноқонуний айланмасида банк хизматидан фойдаланиш билан боғлиқ хавфни камайтиришга қаратилган.
Ишбилармонлар, сармоядорлар ва дипломатлар бундан мустасно бўлиб, улар банк хизматидан чекловсиз фойдаланиши мумкин.
Банклар бир банкнинг бешдан кўп ёки турли банкдан учта тўлов картасига эга мижозларни пухта текширишлари лозим.
Бундан буён республикада компанияларнинг бенефециар мулкдорлари ҳақидаги маълумотлар, хусусан расмий ҳужжат ва очиқ манбалардан фойдаланишни текшириш бўйича ҳам янги мажбуриятлар амал қилади.
Илгари компания устав капиталининг 25 фоизидан кўпига эга жисмоний шахс бенефециар мулкдор ҳисобланган бўлса, ҳозир бунинг учун бошқа шартлар ҳам мавжуд.
Энди компания ёки мулк бошқа шахс ёхуд ташкилот номига расмийлаштирилган бўлса ҳам, молиявий активга эгалик қиладиган, активларни назорат қиладиган ва даромад оладиган жисмоний шахс бенефициар мулкдор дейилади.
Азиза Алимова, ЎзА