Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Туркиянинг “IC İçtaş İnşaat” компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Реха Денемеч ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шу жумладан, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларидан самарали фойдаланиш ва автомобиль йўллари, кўприклар ҳамда аэропортлар қурилиши каби лойиҳаларга эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керакки, “IC İçtaş İnşaat” компанияси 55 йиллик тажрибага эга бўлиб, Туркия ва бошқа давлатларда йирик қурилиш лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширган. Компания томонидан Истанбулда 150 км. узунликдаги автомобиль йўли ва 1,5 км. узунликдаги денгиз устидаги “Явуз Султон Салим” кўприги барпо этилган. Бундан ташқари, Вьетнамда янги аэропорт қурилиши лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларини боғлайдиган тезюрар пуллик йўл лойиҳасига оид англашув меморандумини имзолади.

Вазирлик ахборот хизматининг хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ДХШ лойиҳалари орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг жадал ривожланаётгани таъкидланди. Томонлар халқаро тажрибалардан фойдаланиш орқали янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА