Покистон ҳукумати мезбонлик қилган “Мусулмон жамиятларида қизлар таълими: муаммо ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида Мусулмонлар жаҳон лигаси Бош котиби, Уламолар уюшмаси раиси шайх Муҳаммад бин Абдулкарим Ал-Исса ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) бош директори Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий иштирокида меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат томонлар ўртасида қизларнинг таълим олиш ҳуқуқидан хабардорлигини ошириш бўйича медиа-кампанияларни йўлга қўйиш, айни йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш орқали ислом мамлакатлари ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситаларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатини кучайтиришни назарда тутади.
Эътиборлиси, анжуман қатнашчилари ушбу халқаро ҳамкорлик платформаси доирасида илгари сурилган, хотин-қизлар манфаатини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни аниқ амалий лойиҳаларга айлантириш зарурлигини бир овоздан маъқулладилар.
М.Пирматова, ЎзА