2025 йилнинг остона хатлаши билан халқаро спорт майдонларида бўлгани каби Осиё қитъасида ҳам бир қатор спорт турлари бўйича турнирлар, чемпионатлар, халқаро ўқув-машғулот йиғинлари бошланиб кетди.

Шу кунларда Осиё мамлакатлари жорий йилнинг 7-14 февраль кунлари Хитойнинг Харбин шаҳрида бўлиб ўтадиган IX қишки Осиё ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Куни кеча Осиё Олимпия Кенгаши(ОСА) IX қишки Осиё ўйинлари олдидан 45 та миллий олимпия қўмитасига қишки спорт турлари бўйича спортчилар комиссияси аъзолигига номзодлар учун сайлов ўтказиш бўйича сўров йўллаганини эълон қилди.

Сўровда келтирилишича, миллий олимпия қўмиталари сайловга ўз номзодларини кўрсатиш истагида бўлса, улар жорий йилнинг 10 январига қадар тегишли ҳужжатларни Осиё Олимпия Кенгашига тақдим этиши лозим бўлади. Номзодлар IX қишки Осиё ўйинларидан ташқари олдинги иккита қитъа ўйинларида иштирок этган бўлиши талаб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатимизнинг 20 нафардан зиёд спортчилари альпинизм, биатлон, тоғ чанғиси, фигурали учиш, конькида югуриш, шорт трек йўналишларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилмоқда.

Спортчилар комиссиясига номзод тавсия этиш борасида эса Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Айтиш лозим, ҳозирда Осиё Олимпия Кенгаши(ОСА) спортчилар комиссияси раислигини стол тенниси бўйича уч карра Олимпия ўйинлари ғолиби, саккиз марта жаҳон чемпиони Дин Нин олиб бормоқда. Унинг ўринбосари олти карра қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси ҳиндистонлик Шива Кешаван ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, IX қишки Осиё ўйинларида қитъа спортчилари 11 та спорт тури бўйича 64 та мусобақалар дастурида иштирок этади.

Т.Рўзиев, ЎзА