Ҳеч кимга сир эмас, сўнги йилларда ҳар икки қурилаётган уйнинг биттаси ўз вақтида фойдаланишга топширилмайди. Вазият шу даражага етганки, баъзи турар жой мажмуалари топширилиши ваъда қилинган вақтдан 3-4 йиллаб кечикмоқда ёки умуман қурилмасдан қолмоқда. Буни ижтимоий тармоқларда аҳолининг мурожаатларидан ва агентлигимизга келиб тушаётган мурожаатлардан билиш қийин эмас.

Давлатимиз бу вазиятни шунчаки ташлаб қўёлмасди. Бу масала устида жиддий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари топшириғи билан фуқароларнинг, яъни уй сотиб олувчиларнинг ҳуқуқларини кафолатлайдиган эскроу тизимини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Даврон Мелиев билан суҳбатимиз шу ҳақида бўлади.

– Эскроу тизими жорий этилса, уй олаётган фуқаролар қурувчиларга алданмайдими?

– Эндиликда фуқаро эскроу тизимида ўзининг маблағини қурувчининг қўлига бермайди, – дейди Даврон Мелиев. – Тижорат банкида очилган эскроу ҳисоб рақамига туширади. Қурилиш жараёнида бу ҳисоб рақамдаги пулга тегилмайди. Пудратчи уйни белгиланган муддатда қуриб, тўлиқ қурилишни якунлагандагина эскроу ҳисоб рақамидаги пулни олишга рухсат берилади. Бу ерда фуқаронинг ҳуқуқи кафолатланади. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ишлаб чиқаётган янги тизим орқали фуқароларнинг пул маблағлари банк воситачилигида ишончли девелоперга берилади. Бунда қурувчи ишнинг 30 фоизини ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади, қолган 70 фоизини банк қоплайди. Мазкур платформага тўхталадиган бўлсак, йиллар давомида кўплаб хорижий давлатларда жорий этилган ва мунтазам равишда такомиллаштириб борилган. Хусусан, бу борада Россияда махсус қонун ишлайди. Ўзбекистон ҳам шу ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, ушбу амалиётни йўлга қўймоқда. Янги тизимнинг жорий этилишида бир нечта қонунларга ўзгартириш киритиш талаб этилади. Афзал томони эса фуқароларнинг маблағлари ҳимояланади.

Шуни ҳам айтиш жоиз, мазкур тизим, тадбиркорлик субъектлари учун ҳам маъқул бўлади. Сабаби, қурилишда иккинчи субъектнинг улушдор бўлишига ишончи пайдо бўлади. Кўпгина мамлакатларда улуш киритиш билан қуриладиган уйларнинг электрон тизимлари ҳам яратилган ва бундай уй-жойлар платформада рўйхатга олинади.

Аввало, тадбиркорлар уй-жойи қурилишида қонуний расмийлаштирувга аҳамият беришлари керак бўлади. Боиси, шундай ҳолатлар шу кунгача кўп бўлиб турган, уй ноқонуний қурилган. Аммо кадастрга рўйхатга қўйилмайди, қачонки ҳаммаси қонуний амалга оширилгандан кейин уйларга кадастр ҳужжати берилади.

– Банк қандай қилиб, ишончли девелоперларни аниқлайди?

– Бу борада чет эл амалиётини ўрганганимизда платформага улушдор жалб қилиниб рўйхатга киритилади. Эскроу ҳисоб рақами очилганда банклар қурувчининг бюджетини ўрганади. Банк орқали маблағлар ишончли компанияларга ўтказилади. Бунинг устида ҳозир ишланяпти. Банк ёки Қурилиш вазирлиги ишончли компанияларни кўриб чиқади. Бу ерда уй-жой қурувчи қурилиш ташкилоти бўлмаслиги мумкин, балки инвестор ҳам бўлиши мумкин ва алоҳида қурилиш ташкилотини жалб қилиши мумкин. Пудратчи ташкилотлар фаолияти рейтинги ҳар ой баҳоланади. Тизимнинг ўзи уларни саралаб боради. Чуқурлаштирилган таҳлилда, масалан, чет эл амалиётида бу вазифани банклар бажаради. Банк уй-жой қурилишини ва унинг бюджети асосини ўрганиб чиқади. Бу инвесторларнинг тўловга қобилиятлилигини, тарихи ва олдинги қурилишларда қай аҳволда фаолият юритганини текширади.

– Эскроу тизими уй-жой нархлари ошишига олиб келадими?

– Эскроу тизими жорий этилганда уй-жойларнинг нархи ошмайди, деб айтиб бўлмайди. Кўплаб давлатларда уй-жой нархлари ошиб боради ёки тушади. Мисол учун, айрим мамлакатларда 10 фоизга нархлар ошган, бошқа жойларда 3 фоизга пасайиш кузатилган. Қонуний равишда рўйхатга қўйилганда, объектнинг нархи сифатига боғлиқ бўлади. Қурилиш сифатини назорат қилиш техник назоратчилар томонидан амалга оширилади. Бу эса уй-жойнинг умумий нархига таъсир қилиши мумкин. Бунинг сабаби, бугунги кунда уй-жойларнинг қурилишида 1 та муаммо мавжуд. Мисол учун, қурилишда бюджетдан ташқари корхоналар объектларини инобатга оладиган бўлсангиз у ерда пудратчи қуради ва буюртмачи ана шу қурилишнинг техник назоратини ҳам амалга оширади. Уй-жой қурилишида айнан техник назоратни йўлга қўйиш анча бош оғриғи бўлиб турган ҳолат эди. Эскроу тизими жорий этилгандан кейин банк уй-жойнинг ўз вақтида қурилишини назорат қилади. Бу тизим уй-жой қурилишида ҳар томонлама сифатни оширади. Объектнинг лойиҳа смета ҳужжатларига мос кетаётганини, сифатли қурилишни таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, эндиликда белгиланган муддатда уй эгаларига топширилмаса, фуқаро тўлаган маблағларини 3 ой ўтиб эскроу ҳисоб рақами очилган банкдан қайтариб олиши мумкин. Қурилиши тугалланмаган уй эса банкка ўтказилиб, қурувчи билан ишни якунлаш чоралари кўриб чиқилади ёки банк уйни бошқа тадбиркорга беради. Эскроу тизими бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишида ва жараёнлар давомида жамоатчилик ҳамда уй-жой қурувчиларининг фикри ўрганилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА