Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида U-18 ўсмирлар ва U-20 ёшлар жамоалари ўртасидаги Халқаро гандбол федерацияси кубогининг Осиё қитъаси босқичида Ўзбекистон жамоалари ўзига хос ўйин намойиш этди.

Ҳар икки ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз финал остонасига қадам қўйди.

U-20 ёшлар кубогида биринчи финалчини аниқлаш учун ўтган мусобақа аввалида мутахассислар бангладешликлар ғолиб бўлишини башорат қилишган эди. Бироқ, ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Бангладеш гандболчиларини 34:20 (18:9) ҳисобида доғда қолдирди.

Бу, ушбу ёш тоифасида қитъа босқичи ғолиблиги учун Ўзбекистон, бронза медали учун бангладешлик гандболчилар майдонга тушишига олиб келди.

Бугун, 7 январь куни U-20 ёш тоифасида ҳамюртларимиз ғолиблик учун Қозоғистон жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу ёш тоифасидаги бронза медали эгаси Бангладеш – Ҳиндистон жамоалари ўйини орқали аниқланади.

Осиё қитъаси босқичининг U-18 ёш тоифасида ҳам ҳамюртларимиз акалари сингари Бангладеш жамоасини доғда қолдирди.

Мусобақанинг ярим финалида Ўзбекистон U-18 жамоаси Бангладеш U-18 жамоасини биринчи бўлимда 18:13, умумий ҳисобда 42:22 кўринишида финалдан мосуво этди.

Бугун Ўзбекистон U-18 ўсмирларимиз Ҳиндистон жамоасига қарши финал баҳсида рўбарў келади.

Эслатиб ўтамиз, U-18 ўсмирлар ва U-20 ёшлар жамоалари ўртасидаги Халқаро гандбол федерацияси кубоги Осиё қитъаси финалида Ўзбекистон жамоалари ғолиблик учун майдонга тушади.

Т.Рўзиев, ЎзА