Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ҳаётига дахлдор бўлган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Жумладан, фракция йиғилишида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан ижро иши юритувлари бўйича ягона электрон базаси юритилиши, шунингдек, қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан давлат ижрочиси томонидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса, ижро иши юритиш давомида қарздор учун белгиланган чекловлар қарздорлик тўлиқ қопланганидан сўнг бекор қилиниши тартиби белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Солиқ кодексига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритиляпти. Хусусан, шахснинг зиммасига ижро иши юритуви тартибида юклатилган жарималар солиқлар ёки йиғимлар жумласига кирмаслиги, мажбуриятлар реестрига киритилган солиқ қарзининг ҳисоби алоҳида юритилиши ҳамда ушбу реестрга киритилган санадан бошлаб пеня ҳисобланмаслиги, мажбуриятлар реестрига киритилган санадан бошлаб ўн йил давомида тўланмаган солиқ қарзи умидсиз солиқ қарзи ҳисобланиши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини тўлиқ ва сўзсиз ижро этишни таъминлашга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Муҳтарама Комилова, ЎзА