Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 29 августдаги йиғилишида 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида жами 4 та мактабда қурилиш реконструкция ишлари олиб борилиши белгиланган эди.

Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида умумий қиймати 12,5 миллиард сўмлик 330 ўринга мўлжалланган янги мактаб ҳамда ўқувчилар учун спорт зал қурилишини ўз муддатида сифатли бажаришни назорат қилиш вазифаси Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасига юклатилди. Шу муносабат билан, бошқарма бошлиғи ўринбосари О.Қадиров қурилишга масъул идора вакиллари билан учрашиб, лойиҳа смета ҳужжатларининг тайёрланишида мавжуд муаммоларни муҳокама қилди.

Бугунги кунда 1,54 гектар ерда қад ростлайдиган мактабнинг пудратчи ташкилот томонидан лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бериб, 2025 йил якунига қадар Чимбой туманида ҳам келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг сифатли таълим олиши учун барча имкониятларга эга замонавий мактаб қурилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири