Мақсадимиз болаларга қувонч ва меҳр улашиш

Янги йил байрами муносабати билан бемор болаларга қувонч ва меҳр улашиш ва шу орқали уларнинг тезроқ соғайиши учун маънавий ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Қорақалпоғистон филиалида даволанаётган бемор болалар ва уларнинг ота-оналари учун “Кўчма арча” номли янги йил байрам тадбири ташкил этилди.
Партиянинг “Эзгу мақсадлар йўлида бирлашамиз!” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва Нукус шаҳар Кенгаши аъзолари, юртимиз севган ва қадрлаган маданият ходимлари иштирок этди ва болаларга байрам совғаларини топширди. Кичкинтойларнинг кўнглини кўтариш ва уларда янги йил кайфиятини уйғотиш мақсадида ёш қўшиқчилар, Қорбобо ва Қорқизнинг байрам совғалари кичик қалбларга чинакам байрамона қувонч бағишлади.

– Узоқ вақтдан буён даволаниб келаётган бемор болалар учун янги йил байрами эсда қоларли бўлди, – дейди “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Р.Отарбаев. – Партиямиз томонидан ташкил этилган ушбу хайрия акцияси нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари, яқинлари қалбига байрамона кайфият олиб кирди, десак, муболаға бўлмайди.

Ўтказилган тадбир болаларда эртанги кунга бўлган ишончни оширишга, саломатлигини янада мустаҳкамлашга, янги йилда янги мақсадлар сари интилишига туртки бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири