Янги йил байрами арафасида Нукус шаҳрида “Jipek Joli Art” меҳмонхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири A.Aбдуҳакимов, Туризм қўмитаси раиси У.Шадиев, шунингдек, экология ва туризм соҳаларининг минтақавий расмий вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Янги замонавий меҳмонхона 33 ўринли бўлиб, барча қулайликларга эга. “Jipek Joli Art” кўп йиллардан буён ишбилармонлик қилиб келаётган “AYIM TOUR” корхонаси томонидан ташкил этилиб, лойиҳа қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этади. Меҳмонхонанинг ишга туширилиши натижасида 10 та янги иш ўрни яратилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Оролбўйида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада ошириш, ички туризм имкониятларини янада кенгайтириш, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги қарори билан “Туризм фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистонда туризм ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойиларга, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Байрам Қусекеев, И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори Тигран Мкртичев, “AYIM TOUR” туристик корхонаси менежери Aйжамал Таубалдиева, “МAССAГЕТ” меҳмонхонаси директори Дилфуза Жийенбековага “Туризм фидойиси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА