Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди.
– Бугунги кунда адлия органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини ҳал қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси Бабур Калбаев. – Соҳа ходимлари ўз хизмат вазифалари доирасида фуқароларнинг мурожаатларини ижобий ҳал қилиш орқали аҳолининг мамлакатимизда амалга оширилаётган инсон манфаати йўлидаги ислоҳотларни қалбан ҳис қилишига ундамоқда.
Шулар қатори, 10 нафар фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш учун келганлигини, лекин, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишга қийналаётганлигини билдириб, ҳолат юзасидан яшаганлик фактини белгилашда амалий ёрдам беришни сўраб йўллаган мурожаати бўлим томонидан ўрганиб чиқилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига ушбу шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида 15 йилдан ортиқ доимий яшаганлик фактини белгилаш тўғрисида ариза киритилди. Мазкур суднинг бу бўйича ҳал қилув қарори асосида Тахиатош тумани ички ишлар бўлими томонидан 10 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти (идентификация ID-карта) топширилди.
Янги йил байрами арафасида уларнинг йиллар давомидаги армони ушалди. Улар эндиликда Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида кўплаб ҳуқуқлардан эркин фойдалана олади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири