Аҳоли муаммолари ўрганилмоқда

208

Қиш мавсумини беталафот ўтказиш, жисмоний ва юридик истеъмолчиларни ёқилғи-энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, энергия ресурсларини иқтисод қилиш ҳамда талон-торожликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ўринбосари Ш.Мухаматов соҳага оид амалга оширилган ишлар билан танишиш, муаммоларни ўрганиш мақсадида Мўйноқ, Қўнғирот туманларида бўлиб, туманлардаги электр таъминоти корхонаси ва газ таъминоти бўлимларининг диспетчерлик хизматлари, истеъмолчилар мурожаатларини қабул қилиш марказлари, авария бригадаларининг фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда зарурий эҳтиёт қисмлар омборининг ҳолати ўрганилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан жорий йилги Давлат дастурларидаги амалга оширилаётган қурилиш объектларини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ишлар давом этмоқда. Жумладан, Қораўзак, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ижтимоий соҳа, ирригация объектлари ва кўп қаватли уйларни жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди.

Мазкур жараёнда, масъулларга ишларни жадаллаштириш, объектларни ўз муддатида ва сифатли топшириш, бюджет маблағларини талон-торож этилишини олдини олиш ва ишчиларни расмий секторга ўтказиш билан боғлиқ тегишли кўрсатмалар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири