Хабар берганимиздек, Самарқандда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Мен келажакман” шиори остида “Касблар танлови”нинг республика босқичи беллашувлари ўтказилди.

Маҳалла ёшлари ўртасида касблар йўналишидаги лойиҳаларни оммалаштириш, халқаро даражадаги касблар танловларида қатнашиш учун иқтидорли ёшларни саралаш ва тайёрлаш мақсадида ташкил этилган танловда ҳудудий босқичларда муваффақиятли иштирок этган 70 нафардан ортиқ ёш либослар бўйича дизайнерлик, новвойчилик, пайвандлаш устаси, электромонтаж устаси ҳамда ёш қурувчи йўналишларида беллашди.

Иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази, KOICAнинг касбга ўқитиш маркази ҳамда Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказида ўз йўналишлари бўйича маҳоратларини кўрсатдилар. Уларнинг ишлари малакали ҳакамлар томонидан муносиб баҳоланди.

Танлов якунларига кўра, дизайнерлик йўналишида биринчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридан келган Ирода Юсуповага, новвойчилик йўналишида ғолиблик Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани вакили Сабрина Нуруллаевага насиб этди. Тошкент вилояти Оққўрғон туманида яшовчи Икром Эшимов электромонтаж устаси йўналишида, Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани вакили Даурбек Давренов пайвандлаш устаси йўналишида ҳамда Бухоро вилояти Шофиркон туманидан келган Собиржон Нусратов ёш қурувчи йўналишида биринчи ўринга сазовор бўлди.

Бугун Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Ёшлар ишлари агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари танлов ғолибларга пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини тантанали топширди. Шунингдек, фаол иштирокчилар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Танлов доирасида иштирокчилар Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни томоша қилди, самарқандлик тенгдошлари билан ўзаро тажриба алмашди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари