Барчамиз – бир уфқ нурларимиз

Бугун Тожикистонда “Сизнингча, жорий йилда жамиятимиз ҳаётида қайси воқеа энг ёдда қоларли ва қувончли бўлди?” деган савол билан ижтимоий сўров ўтказилса, аксарият фуқаролар бир овоздан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи” деб жавоб беришига ишончим комил.
Тожикистон Президенти, Миллат раҳнамоси Имомали Раҳмон ушбу ташрифни тарихий деб баҳолади.
Бу – айни ҳақиқат. Зеро, қўшни давлат раҳбарининг йигирма беш йил кутилган ташрифи билан чегаранинг икки томонида истиқомат қилаётган минглаб фуқаролар ҳаётини шу кунгача мураккаблаштириб турган “темир парда” ҳам қулай бошлади. Шу боис орадаги совуқлик йўқолиб, мамлакатларимиз раҳбарлари самимий учрашувда бир-бирига қарата “Қардошим” деб мурожаат этган лаҳзаларда республикамиз бўйлаб барча одамлар беҳад шодланди, айримлар ҳатто қувонч ёшларини яшира олмади.
Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Негаки, сайёрамизда тожик ва ўзбек халқлари сингари асрлар оша бир тарихий йўлни босиб ўтган ва ажралмас даражада жипслашиб кетган қардош халқлар топилмаса керак. Шу боис ҳам анъана ва урф-одатларимиз, динимиз, турмуш тарзимиз, таомларимиз, мусиқамиз, исмларимиз ўхшаш. Эндигина мустақилликни қўлга киритган давлатлар ўртасида турли сабабларга кўра узоқ йилларга чўзилиб кетган ва фақат зиёндан бошқа ҳеч нарса келтирмаган, халқларимиз иродасига қарши юзага келган совуқ муносабатлар эса, аксинча, ажабланарли ҳол эди.
Ҳатто марҳумларни сўнгги манзилга кузатиш учун одамлар қариндошлариникига боролмас эди. Албатта, бунга Тожикистонда ислом радикаллари ва уларнинг хориждаги ҳомийлари томонидан уюштирилган (эндиликда бунда ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ) фуқаролик уруши ҳам қисман сабаб бўлди. Ёш суверен давлат танлаган демократик, ҳуқуқий, дунёвий жамият бапро этиш йўли уларга хуш келмаган эди. Бахтимизга ўша қоронғи кунлар ортда қолди. Миллат пешвоси Имомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсати туфайли жамиятимизнинг соғлом кучлари бирлашиб, қуролли қаршиликларга барҳам берилди. Тожикистон заминида узоқ кутилган тинчлик қарор топди.
Тожик халқи Қақнус каби ўзини ўнглади. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан қатъий одимламоқда, дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини қўллаб-қувватламоқда.
Тожик ва ўзбек халқларида “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган мақол бор.
Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи давомида мен гувоҳ бўлган ажойиб воқеа ёдга келади. Ўша ташрифдан аввал пойтахтимизга Ўзбекистон маданият арбобларидан иборат катта делегация келди, қайси шаҳарга боришмасин, санъат ихлосмандлари уларнинг концерт ва чиқишларини юксак олқишлар билан кутиб олди. Шоирлар Одам атоси, устоз Рудакий бундан ўн асрдан ортиқ вақт аввал
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун 
 
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун, 
– деганда, нақадар ҳақ бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Ўша кунларнинг бирида набирам Муҳаммад билан кечки сайрда юрганимда, икки кишининг ўзбек тилида гаплашаётгани қулоғимга чалинди. Уларнинг меҳмон ёки маҳаллий эканини билиш қийин эди, чунки Тожикистонда ўзбек тилини Ўзбекистонда тожик тили каби ҳар ерда эшитиш мумкин. Улар Ўзбекистондан келганини меҳмонларнинг бири “Ҳа, бу ер ҳам Тошкентимиз сингари тинч ва осойишта экан”, деганида билдим. Шериги унга қараб “Мен Фон тоғларига боришни, сўлим Ҳафткўлни кўришни узоқ вақтдан буён орзу қиламан”, – деди.
Ҳа, бизнинг Тожикистонда бундай гўзал масканлар кўп, ҳар йили дунёнинг барча мамлакатларидан минглаб сайёҳлар бу жойларга ташриф буюради. Жорий йилнинг Туризм ва халқ ҳунармандлигини ривожлантириш йили, деб эълон қилингани билан сайёҳлар оқими янада кўпайди. Бу юртимизда барқарор тинчлик ҳукм сураётгани, мамлакат барча соҳаларда жадал ривожланаётганининг яна бир далилидир. Ўзбек ака-сингиллар, сиз ҳам юртимизга келинг, ахир, бахтимизга самолёт ва автомобиль қатнови тикланди.
Муҳтарам Шавкат Мирзиёев ўз ташрифи чоғида тинчлик ва миллий бирлик асосчиси, Миллат раҳнамоси, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонга эсдалик – ҳеч қачон қулфланмайдиган дарвоза совға қилди. Ушбу чуқур рамзий маънога эга совға тожик ва ўзбек халқларининг қалби бир-бири учун ҳамиша очиқлигини ифодалайди. Зеро, шоир айтганидек: «Барчамиз – бир уфқ нурларимиз».
Мансур Суруш,
Тожикистоннинг “Ховар”
Миллий ахборот агентлиги
адабий шарҳловчиси.

 

ЎзА