Пойтахтимизда Ўзбекистон Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти иштирокида мамлакат гандбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилди.
Миллий олимпия қўмитасида ташкил этилган ушбу конференцияда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Саноқулов номзоди Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига илгари сурилди.
Ўз навбатида, спорт вазири Адҳам Икромов спорт соҳасида ҳам улкан тажрибага эга бўлган, бир неча йиллар давомида мамлакат сузиш федерацияси раиси лавозимида фаолият олиб борган Қувондиқ Саноқулов ҳақида илиқ фикрлар билдириб ўтди. Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллади ва Қ.Саноқулов мамлакат гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон гандбол федерациясининг «Лос-Анжелес-2028» ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси атрофлича кўриб чиқилди. Унда расмийлар бўлажак Олимпия ўйинларида жамоавий спорт турларида ҳам йўлланма олиш муҳим экани, бунинг учун барча терма жамоаларимизга керакли шароитлар яратиб берилиши ҳақида тўхталиб ўтилди.
Тақдимотда Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаларининг бу борадаги имкониятлари ўрганилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА