Аҳмад Аш-Шараъ: Сурия дунёга таҳдид эмас

391

Суриянинг бугунги кундаги раҳбари, яқин-яқингача қўмондон Жўлоний сифатида танилган, пойтахт Дамашқ назоратини қўлга олганидан кейин ўзини Аҳмад Аш-Шараъ, деб аташларини истаётган ёш сиёсатчи BBC муҳаррири Жереми Боуэнга интервью берди.

Абу Муҳаммад Ал-Жўлонийми ё Аҳмад Аш-Шараъ?

Гап шундаки, Сурия исёнчилари етакчиси Абу Муҳаммад Ал-Жўлоний жиҳодчилик ўтмиши билан боғлиқ тахаллусидан кечиб, Президент Башар Ал-Асад ҳукумати қулашидан олдин, 5 декабрь кунидан бошлаб расмий хабарномаларда ўзини Аҳмад Аш-Шараъ, деб кўрсатмоқда. Бу қарор янги вазиятда мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатнинг бир қисмидир.

Жўлонийнинг ўзгариши тўсатдан содир бўлгани йўқ, балки йиллар давомида эҳтиёткорлик билан амалга ошди. Тафовут нафақат оммавий баёнотлар, хориж оммавий ахборот воситаларига берилаётган интервьюлар, балки ташқи кўринишда ҳам намоён бўлмоқда.

Бир пайтлар одатий жангари қиёфасида юрган Жўлоний охирги йилларда кўпроқ ғарб услубида кийинишни афзал кўряпти.

2021 йил Американинг PBS нотижорат телеканали ахборотидан Жўлоний 1982 йил Саудия Арабистонида туғилгани, отаси 1989 йилгача Подшоҳликда нефть муҳандиси бўлиб ишлаганини билиш мумкин. Шу йил Сурияга қайтган оиланинг фарзанди Дамашқдаги Меззеҳ мавзесида ўсиб-улғайган.

Абу Муҳаммаднинг жиҳод йўли Ироқда, “Ислом давлати” (ИД) гуруҳининг ўтмишдоши – “Ал-Қоида” шўъбаси ва кейинчалик Ироқ ислом давлати (ИИД) орқали “Ал-Қоида” билан боғлиқ ҳолда кечган.

2003 йилдаги АҚШ босқиндан сўнг у бошқа чет эллик жангарилар сафига қўшилди ва 2005 йил Камп Букка турмасига қамалди. Қамоқда жиҳодчилик алоқаларини кенгайтирди ва кейинчалик ИДга етакчилик қилган Абу Бакр Ал-Бағдодий билан танишди.

2011 йил Бағдодий Жўлонийни Ан-Нусра фронтини ташкил этиш учун маблағ билан Сурияга юборди. 2012 йилга келиб Нусра, ИД ва “Ал-Қоида” билан алоқаларини яширган ҳолда, Суриянинг нуфузли жанговар кучига айланди.

2013 йил Бағдодийнинг Ироқдаги гуруҳи ИД ва Нусра бирлашганини эълон қилиб, Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД) тузилганини маълум қилди ва ўртадаги алоқаларни биринчи марта ошкора эътироф этди. Шундан кескинлик пайдо бўлди.

Жўлоний вазиятга қарши чиқди, чунки у ўз гуруҳини шафқатсиз услублардан узоқлаштирмоқчи эди. Айнан шу мақсад бўлинишга олиб келди.

Мураккаб ҳолатдан қутулиш учун Жўлоний “Ал-Қоида”га содиқлик ваъдасини берди ва “Нусра жабҳаси”ни “Ал-Қоида”нинг Суриядаги шўъбасига айлантирди.

У бошдан сурияликлар қўллаб-қувватловини қозона бошлади, ИШИДнинг ваҳшийликларидан чекиниб, жиҳодга нисбатан амалий ёндашувга урғу берди.

2013 йил апрель ойида “Ан-Нусра фронти” “Ал-Қоида”нинг Суриядаги тармоғига айланиши ҳаракатни ИШИД билан батамом қарама-қарши қилиб қўйди. Жўлонийнинг бу ҳаракати қисман маҳаллий қўллаб-қувватловни сақлаб қолиш ва сурияликлар ҳамда исёнчи гуруҳларни ўзидан бегоналаштирмаслик учун қилинган бўлса-да, “Ал-Қоида”га алоқадорлик охир-оқибат бу интилишларни йўққа чиқарди.

2015 йил “Нусра” ва бошқа ҳаракатлар Идлиб вилоятини эгаллади, гуруҳлар аро бошқарув, ҳамкорлик масалаларида муаммолар жиддийлаша бошлади.

2016 йил Жўлоний “Ал-Қоида” билан алоқани узди ва гуруҳни аввал “Жабҳат фотиҳ Аш-Шом”, кейинроқ 2017 йил “Ҳайъат таҳрир Аш-Шом” (ҲТШ) деб қайта номлади.

Дастлаб юзакироқ туюлган ажралиш кейинчалик кескин келишмовчилик келтириб чиқарди. “Ал-Қоида” Жўлонийни хоинликда айблади. У сафдан чиққач, Сурияда “Ал-Қоида”нинг янги тармоғи – “Ҳуррас Ад-Дин” шаклланди. 2020 йил ҲТШ томонидан тор-мор қилинишига қарамай, бу гуруҳ аъзолари минтақада ҳамон эҳтиёткорлик билан ҳаракатни давом эттиряпти.

ҲТШ бир муддат Идлибдаги ИШИД аъзолари ва чет эллик жангариларни нишонга олди. Уларнинг тармоқларини бузиб ташлади, баъзиларини “дерадикализация” дастуридан ўтишга мажбурлади.

Жангари кучларни бирлаштириш ва ички тўқнашувларни камайтириш ҳаракати сифатида изоҳланган бу қадамлар Жўлонийнинг ҲТШни Сурияда ҳукмрон ва сиёсий жиҳатдан ҳаётий кучга айлантириш стратегиясидан далолат.

Жамоатчилик олдида “Ал-Қоида”дан ажралиб чиқиб, номини ўзгартиришига қарамай, БМТ, шунингдек АҚШ, Буюк Британия каби мамлакатлар ҲТШга террор ташкилоти сифатида қарашни давом эттирди. АҚШ Жўлоний қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилди. Зеро, Ғарб давлатлари бу ажралишни сохта ҳисоблаган.

Жўлоний раҳбарлигида ҲТШ мамлакат шимоли-ғарбидаги исёнчиларнинг энг йирик қалъаси ва тўрт миллионга яқин аҳоли, жумладан бошқа ҳудудлардан кўчиб келганлар яшайдиган Идлибда ҳукмрон кучга айланди.

Ҳудудни жангари гуруҳ бошқараётгани ҳақидаги хавотирларни бартараф этиш мақсадида ҲТШ 2017 йил ўзининг сиёсий ва маъмурий қаноти сифатида “Сурия қутқариш ҳукумати” (СҚҲ) номли фуқаролик тузилмасини ташкил этди.

СҚҲ худди давлат сингари фаолият юритиб, бош вазир маъмурияти, вазирликлар ва маҳаллий идоралар шафелигида таълим, соғлиқни сақлаш, қайта қуриш каби муҳим соҳаларни назорат қилган. Шу билан бирга шариат ёки ислом ҳуқуқига асосланган диний кенгашни ҳам бошқарган.

Одатий тасаввурдаги қиёфасини ўзгартириш учун Жўлоний аҳоли билан фаол мулоқот олиб борди. Кўчирилганлар лагерларига борди, тадбирларда қатнашди, ёрдам ҳаракатларини назорат қилди. Айниқса, 2023 йилдаги зилзила ва шунга ўхшаш бошқа инқирозлар пайтида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди.

ҲТШ бошқарувни қонунийлаштириш, барқарорлик ва хизматларни таъминлаш қобилиятини намойиш этиш учун бошқарув ва инфратузилма соҳасидаги ютуқларини алоҳида таъкидлади.

У аввалроқ, 2021 йил ҳокимиятга қайтган Толибонни мақтаган, жиҳодий саъй-ҳаракатни сиёсий интилиш билан самарали мувозанатлаштириш, жумладан мақсадга эришиш учун тактик келишувларга эришишда илҳом манбаи, намуна сифатида эътироф этган эди.

Идлибдаги фаолият ҲТШнинг нафақат жиҳод қилиш, балки самарали бошқариш қобилиятини намоён этадиган кенг кўламли стратегиясини акс эттирарди.

Жўлоний барқарорлик, давлат хизмати ва қайта қуришга устуворлик бериш орқали Идлибни ҲТШ бошқарувидаги муваффақият намунаси сифатида кўрсатиш, шу орқали ўз гуруҳи қонунийлигини тасдиқлаш, сиёсий интилишлари қўллаб-қувватланишига эришишни кўзлаган эди.

Хуллас, унинг раҳбарлиги остида ҲТШ ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва ҳукмронлик қилиш учун бошқа жангари гуруҳларни – ҳам жиҳодчилар, ҳам исёнчиларни мағлуб этди, четлатди.

27 ноябрга қадар, бир йилдан кўп вақт давомида Жўлоний Идлибда муросасиз исломчилар ва суриялик фаоллар норозилигига дуч келди.

Танқидчилар уни Асадга қиёслаб, ҳаракатни авторитаризмда, норозиликларни бостириш ва мухолифлар овозини ўчиришда айбладилар. Намойишчилар гуруҳ хавфсизлик кучларини “Шаббиҳа” деб аташарди, бу атама Асаднинг содиқ мухлисларига тегишли эди. Улар ҲТШни халқаро кучларни тинчлантириш учун ҳукуматга қарши жиддий жангга киришмаслик, Идлибдаги жиҳодчилар ҳамда хорижий жангариларни четлаштиришда айбладилар.

Ҳатто, сўнгги ҳужум пайтида ҳам фаоллар ҲТШдан Идлибда норозилик билдирган, дея қамоққа олинган шахсларни озод қилишни қатъий талаб қилишди.

Бу танқидларга жавобан, гуруҳ ўтган йил давомида қатор ислоҳотлар бошлади. Масалан, инсон ҳуқуқини бузишда айбланган хавфсизлик кучларини тарқатиб юборди ёки қайта номлади. Фуқаролар гуруҳга қарши шикоят қилиш имконига эга бўлиши учун “Шикоятлар бўлими” ташкил этди. Танқидчилар бу чораларни фақат норозиликни жиловлаш мақсадига қаратилган кўзбўямачилик, дейишди.

 

Аҳмад Аш-Шараъ: “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” террор ташкилотлари рўйхатидан чиқарилиши лозим

– Сурия урушда силласи қуриган, қўшнилар ёки Ғарбга таҳдид туғдирмайди, – деди Аш-Шараъ халқаро ҳамжамиятни Сурияга қарши жорий этилган санкцияни олиб ташлашга чақириб. – Юз берган воқеалардан кейин санкция бекор қилинмоғи лозим, чунки улар эски режимни нишонга олган эди. Қурбон билан золимга бир хил муносабат қилиниши керак эмас.

Аҳмад Аш-Шараъ фикрича, “Ҳайъат таҳрир Аш-Шом” гуруҳи ҳам террор ташкилотлари рўйхатидан чиқарилиши лозим.

Гуруҳни БМТ ва Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия каби мамлакатлар терррор ташкилотлари рўйхатига киритган. Бунга бошида гуруҳ “Ал-Қоида” ташкилотига алоқадорлиги сабаб. Аслида, юқорида таъкидланганидек, “Ҳайъат таҳрир Аш-Шом” 2016 йил “Ал-Қоида” билан алоқани узган.

Шараъ айтишича, “ҲТШ” террор ташкилоти эмас.

– Биз оддий фуқаролар ёки тинч ҳудудларни нишонга олмаганмиз. Аксинча, Асад режими жиноятлари қурбонимиз, – деди у BBCга.

Етакчи Сурия кейинги Афғонистонга айланиши мумкинлиги эҳтимолини рад этди.

Аҳмад Аш-Шараа айтишича, бу икки мамлакат икки хил, анъаналари ҳам бир-биридан фарқ қилади.

У аёллар таълим олиши кераклигига ишонишини билдирди.

– Идлибда саккиз йилдан бери бизнинг университетларимиз фаолият кўрсатади, – деди у. – Бу университетларда таҳсил олаётган хотин-қизлар миқдори 60 фоиздан кўп.

“Спиртли ичимликларга рухсат берасизларми?” мазмунидаги саволга жавоб қуйидагича бўлди:

– Ҳозир мен гапиришни истамайдиган жуда кўп нарсалар бор, бу масалалар қонунчилик билан боғлиқ. Яқинда конституцияни ёзишга киришадиган ҳуқуқий экспертлар қўмитаси ташкил этилади. Қарорни улар қабул қилишади. Шундан сўнг ҳар қандай раҳбар ёки президент қонунга бўйсунади.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА