Грузияда янги Президент инаугурацияси бир ҳафтадан кейин, яъни 29 декабрга белгиланган. Ушбу сана яқинлашган сари мамлакатда сиёсий вазият тобора қизимоқда. Кеча пойтахтда яна норозилик намойиши бўлиб ўтди. Мамлакат етакчиси омма қаршисида ҳукуматга янгидан парламент сайловини тайинлашни буюрди. Мазкур хабарни “Спутник-Грузия” агентлиги тарқатган.

– Грузия Президенти Саломе Зурабишвили Тбилисидаги парламент биноси ёнида уюштирилган норозилик митингида ҳукуматга ҳамда шахсан ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси асосчиси ва фахрий раиси Бидзин Иванишвилига мамлакатда қайтадан парламент сайловини ўтказиш учун 29 декабрга қадар бир ҳафта муҳлат берди, – дейилган материалда.

Маълумки, Республикада 26 октябрь куни ўтган парламент сайловидан буён пойтахт кўчаларида оммавий норозилик тўхтамаяпти. Мухолифат овоз бериш натижасини инкор этиб, тарафдорларини митингга чорлаб келяпти.

14 декабрда эса мамлакат парламенти ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясидан кўрсатилган номзод Михаил Кавелашвилини янги Президент этиб сайлади. Ушбу воқеа намойиш тўлқинини янаям кучайтирди.

Зурабишвили иккала сайлов натижаларини ҳам тан олмади. У лавозимини тарк этмаслиги ҳақида баёнот бериб, ўзини ҳокимиятнинг ягона қонуний вакили, деб ҳисоблашини эълон қилди.

Оммавий ахборот воситалари ёзишича, Президент якшанба куни навбатдаги намойишда қатнашиб, нутқ сўзламоқчи бўлганда, микрофон ўчиб қолган. Шундан сўнг у мегафонда ишлашга ҳар қандай йўл билан тўсиқ қўйишга  ҳаракат қилишаётганини айтган.

Шу куни Бош вазири Ираклий Кобахидзе Зурабишвилига икки ҳолатда, яъни  амалдаги Президент янги парламент сайлови муддатини белгиласа ёки 29 декабрь куни янги давлат раҳбари инаугурациясидан кейин қароргоҳни тарк этмаса, жиноий жавобгарликка тортилиши билан таҳдид қилган. Бунга жавобан, Зурабишвили “Улар тез орада мени панжара ортига тушириш ваъдасини беришди, лекин биз қўрқмаймиз”, дея, ватани, халқи, армияси ва конституциясига содиқ қолишини билдирди.

С.Раҳимов, ЎзА