Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича етакчи минтақавий иқтисодчиси Ана Кресич ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, бунда бизнес учун яратилган кенг имкониятлар, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни кенгайтириш учун қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш ҳамда хусусий секторга ёрдам бериш муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда тадбиркорлик жараёнларида рақамлаштиришни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, хизматлар соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда яшил ўсиш ва яшил лойиҳалар юзасидан ҳам сўз юритилди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва ЕТТБнинг глобал тажрибасидан фойдаланган ҳолда самарали лойиҳаларни шакллантиришга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА