Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида сўзлаган нутқидан тегишли хулоса чиқарган янги сайланган депутатлар жойларда сайловчилар ишончини оқлашга киришиб кетди. O’zLiDePдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Алишер Джуманазаровнинг ўзи сайланган ҳудуд – Нукус тумани сайловчилари билан учрашувда сайловчилар айрим кўчаларда таъмирлаш ишларини олиб бориш, ёғингарчилик пайтида йўллардан фуқароларнинг ўз манзилларига етиб боришида қийинчиликларга дуч келаётганини айтиб, мурожаат қилишган эди.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон қадри турганлигини ҳис этган халқ вакили шу куннинг ичида ўз ҳисобидан “Намунали макон”, “Деҳқон арна” маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Саманбай” овул фуқаролар йиғини, “Ақманғит” шаҳарча фуқаролар йиғинидаги айрим кўчаларга қум шағал аралашмаси ётқизиш ишларини бошлаб юборди.

Жумладан, мазкур ҳудудлардаги жами 1,4 километр оралиқдаги ички йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилди.  Ҳар бир сайловчининг мурожаати имкон қадар ижобий ҳал қилинса, аҳолининг депутатларга бўлган ишончи янада ортиши табиий.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.