Президент раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида ички бозор билан чекланмасдан, экспортни янада кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Салоҳияти юқори бўлган тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат каби соҳаларда имкониятлар тўлиқ ишлатилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирда ип-калавани қайта ишлаш даражаси 50 фоиз бўлса, хом ипакда – 75 фоиз, мисда – 64 фоиз, мева-сабзавотда эса 16 фоизни ташкил қилмоқда.

Мамлакатимиздаги 1 мингга яқин конларда 100 дан ортиқ турдаги минерал хомашё базаси мавжуд. Тасдиқланган захиралар қарийб 1 триллион долларга баҳоланган.

Йилдан-йилга қазиб олиш кўпаймоқда. Лекин саноатда юқори технологик ишлаб чиқариш улуши 25 фоиз.

Шу боис Президентимиз хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қиймат ва экспортни кескин оширишга чақирди.

Мутасаддиларга тармоқлар билан биргаликда ҳар бир хомашё кесимида чуқур қайта ишлаш ва юқори технологик ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.

ЎзА