Ўзбекистонда ахборот соҳасини эркинлаштириш ва ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида биз учун доимо устувор вазифа бўлиб келмоқда. Шундай экан, мамлакатимизда фаолият юритаётган давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари, шу жумладан телеканалларга бўлган эътибор ортиб бормоқда, кенг имкониятлар яратилган.

Натижада, бугунги кунда юртимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида жонбозлик кўрсатаётган, фаол ишлаб келаётган тармоқлар кўп, улар ҳатто маҳаллий ва хорижий ОАВга намуна бўлмоқда. Улардан бири “Менинг юртим” телеканали.

Телеканал Ўзбекистондаги оилавий томоша учун мўлжалланган энг йирик ва таниқли оммавий ахборот воситаларидан бири саналиб, 2014 йил ўз фаолиятини бошлаган. Республика бўйлаб эфирга чиқувчи телеканал 35 миллионлик аудиторияни қамраб олган. Жамоада 200 дан зиёд ёш ижодкорлар ишлайди.

Асосан ёшлар аудиториясига йўналтирилган мазкур телеканал Ўзбекистонда содир бўлаётган энг сўнгги янгиликлардан тортиб, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа йўналишларда ҳам дастурлар тайёрлаб келади. Айни пайтда каналда 20 дан ортиқ дастурлар эфирга узатилмоқда.

“Markaziy studiya” ва “Hudud” информацион дастури, “Халқ ичида”, “Amirxon Umarov shousi” каби ижтимоий кўрсатув ва ток-шоулар, “Omon-omon” тонгги дастури, “Xush ko’rdik”, “Diydor shirin”, “Muzqaymoq Party”, “Men yulduzman”, “TOP music” каби мусиқий-телевизион лойиҳалар каби кўнгилочар кўрсатувлар, кўплаб номдаги новеллалар томошабинлар орасида ном қозонган.

2019 йилда телеканалнинг “Марказий студия” дастури Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида анъанавий ташкил этиладиган халқаро “Олтин қалам” танловида телевидение йўналиши бўйича биринчи ўринга сазовор бўлган.

Телеканал, шунингдек, Марказий Осиё ва Европада жойлашган кўплаб мамлакатларда сунъий йўлдош орқали эфирга узатилади ва бутун дунё бўйлаб 130 миллион хонадонни қамраб олган. Бундан ташқари, телеканални Biz Media, MediaBay, itv, Cinerama, Kartina TV, MeGoGo ва бошқа кўплаб платформалар орқали онлайн томоша қилиш имкони ҳам яратилган.

Бугунги кунда, “Менинг юртим” жамоасида ёш ижодкорлар билан бир қаторда халқимиз орасида меҳр қозонган, фаол ишлаб келаётган журналистларни ҳам учратиш мумкин. Жамоа ёшларга оид давлат сиёсатини кенг тарғиб қилиш билан бирга халқимиз турмуш тарзини фаровон қилиш йўлида қатор таҳлилий-танқидий материалларни эфирга узатиб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида ҳар қандай ҳолатда жамоани рағбатлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш энг муҳим мақсад бўлиб қолган.

Беҳруз Худойбердиев,

Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА