Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини иш берувчи корхона ва ташкилотларда ҳам ташкил этиш амалиёти жорий қилинади.
Қарор билан:
Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
Касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Диплом лойиҳаси ҳамда битирув малакавий иши ҳимоя қилинадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати таълим соҳаларининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Диплом лойиҳаси ва битирув малакавий иши ҳимоя қилинмайдиган бакалавриат таълим йўналишлари битирувчиларига уларнинг хоҳишидан келиб чиқиб, диплом лойиҳаси ёки битирув малакавий иши ҳимоя қилинишига рухсат берилади;
якуний давлат аттестация комиссияси аъзолигига жалб этилган мутахассисларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари асосида ҳақ тўланади ҳамда уларнинг асосий иш жойларидаги иш ҳақлари сақлаб қолинади;
касбий таълим ташкилотлари битирувчилари компетенциясини кўргазмали-амалий имтиҳон шаклида баҳолашда талаб этиладиган хомашё ва ёнилғи мойлаш материалларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар тегишли таълим ташкилотларига республика бюджетидан ажратилган маблағлар, тўлов-контракт ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб касбий таълим ташкилотлари педагог кадрларининг малакасини ошириш ўқув режаларига “Германия тажрибаси” асосида битирувчиларни баҳолаш бўйича ўқув курси киритилади.
ЎзА