Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини оширишга, шунингдек, солиқ тўловчилар учун солиқ юкини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, мавжуд преференцияларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик солиқ имтиёзлари қўлланиладиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур қонун билан Солиқ кодексига қўшимча манбалардан даромад олувчи бюджет ташкилотлари учун белгиланган солиқ ставкаларининг амал қилишини 2027 йилнинг 1 январигача узайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, жами даромаднинг чегаравий миқдорини 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўм этиб белгиланиши, ушбу даромад мавжуд бўлганда солиқ тўловчилар ҳар ойлик бўнак тўловларини тўлиқ чорак ўтганидан кейин тўлашини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун билан Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бериладиган бюджет субсидиялари жами даромад таркибига киритилмаслиги назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларга нисбатан фойда солиғи бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилмоқда.
Президент қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган вагонлар (контейнерлар) операторларининг темир йўл транспортида ташиш жараёнида вагонлар (контейнерлар)ни ижара шартлари асосида фойдаланишга бериш бўйича хизматлар кўрсатиш айланмаси қўшилган қиймат солиғини тўлашдан вақтинчалик озод қилинмоқда.
Мажлисда қонун қизғин муҳокама қилинди. Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Мубин Мирзаев қонун тадбиркорларга жуда катта имконият беришини қайд этди. Масалан, тадбиркор илгари битта мактаб қурса, 20 миллиард сарфласа, қилинган харажатдан 15 фоиз солиқ тўлар эди. Уларга имконият берилмаса, наф кўрмайди. Шунинг учун уларга имтиёз берилмоқда. Қонун билан берилган солиқ имтиёзларини тадбиркорларга тушунтирсак, улар бундан кенгроқ фойдаланади.
Қонун бўйича муносабат билдирган Сенат Раиси Т.Норбоева қонун билан жорий этилаётган имтиёзлар тадбиркорларни янада фаолроқ ишлашга рағбатлантиришини қайд этди. Ўз навбатида, бу жараёнда бандликни таъминлаш доираси кенгаяди. Бу эса, камбағалликни батамом бартараф этиши мумкин. Умуман, давлат бюджетининг 52 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилгани ҳам халқимиз фаровонлиги ошишига қаратилган. Бир сўз билан айтганда, ижтимоийлик тамойили – ислоҳотларнинг асосий мезони. Яратилаётган имкониятларни аҳолига, айниқса, тадбиркорларга етказишда барчамиз, айниқса, маҳаллий кенгашлар фаоллик кўрсатиши зарур.
Сенаторлар томонидан маъқулланган қонун таълим тизимини такомиллаштириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА