Янги йил байрами арафасида жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман суди ҳамда Нукус ҳарбий судининг маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда суд фахрийлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев, Олий суд раиси Б.Исламов ва бошқалар мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, судья ва суд ходимлари учун муносиб иш шароитларини яратиш масаласига қаратилаётгани ҳақида сўзлади.
Қайд этилганидек, сўнгги 5 йилда 84 та суд учун 51 та янги бино қуриш, 23 та суд учун 17 та мавжуд суд маъмурий биносини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, жами 107 та суд замонавий бино билан таъминланди. Хусусан, биргина Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида 5 та янги бино қурилиб, 2 та суд биносининг реконструкция ишларининг амалга оширилганлиги бунинг яққол исботидир.
Бугун судларга қаратилаётган юксак эътибор соҳа вакилларига судьялик фаолиятини амалга оширишда одил судловни, энг асосийси, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, тизимдаги ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати судларни жазоловчи эмас балки, ҳақиқий адолат қўрғонига айлантиришга хизмат қилмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижасида фуқаролар судга яқинлашди, бемалол дардини айтиш имкони пайдо бўлди.
Тадбирда, мазкур биноларни қисқа фурсатларда замон талаблари асосида қад кўтарган қўли гул қурувчиларга ва барча мутасаддиларга миннатдорлик билдирилди. Тадбир иштирокчилари судларнинг янги биноларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Эътиборли жиҳати, бинолар энг замонавий ахборот-телекоммуникация воситалари билан жиҳозланган. Видеоконференцалоқа тизими, аудио-фиксация, инфокиоск, корпоратив тармоқ йўлга қўйилганлиги нафақат судьялар ишини осонлаштириш, балки фуқаролар учун ҳам қулайлик яратади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА