Хитой Коммунистик партияси Хух-Хото шаҳрининг иқтисодий ва технологик ривожланиш зонаси ишчи қўмитасининг собиқ котиби Ли Цзяньпин коррупция жиноятлари учун қатл этилди, деб хабар бермоқда Хитой марказий телевидениеси.

– Олий халқ суди қарорига асосан, 2024 йил 17 декабрь куни эрталаб Ички Мўғулистон автоном вилояти Хинган округи оралиқ халқ суди Ли Цзяньпинни қонунга мувофиқ қатл қилди, — дейилади хабарда. 

Бироз аввалроқ, тергов Ли Цзяньпин турли лавозимлик пайтида 1,43 миллиард юандан (200 миллион доллар атрофида) ортиқ давлат маблағларини ўзлаштирганини аниқлаган эди.

Бундан ташқари, у бошқалардан 577 миллион юан (80 миллион доллардан ортиқ) миқдоридаги молиявий ва моддий бойликларни олган ва 1,05 миллиард юандан (146 миллион доллардан ортиқ) ортиқ давлат маблағларини ноқонуний ишлатган.

2022 йилда Хитой суди Ли Цзяньпинни ўлимга ҳукм қилганди, бироқ у ўшанда апелляция шикоятини ёзди. Ниҳоят, 2024 йил август ойида иккинчи инстанция натижаларига кўра, ўлим ҳукми ўз кучида қолди.

Қайд этилишича, Ли Цзяньпин қатл қилинишидан олдин яқин қариндошлари билан учрашган.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин аввалроқ коррупция келажакка таҳдид соладиган асосий хавфли ўсма эканлигини айтган эди. Хитой раҳбари таъкидлаганидек, коррупция учун замин ва шарт-шароит мавжуд экан, унга қарши кураш бир дақиқа ҳам тўхтаб қолиши мумкин эмас.

Г.Сатторова, ЎзА