Бугун Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари Хитой Халқ Республикасининг «Wanlin Group» компанияси вакиллари билан учрашди. Учрашувда ҳамкорликда амалга ошириладиган «Ўзбекистон – Qingdao қишлоқ хўжалиги саноат, фан ва технологиялар парки» лойиҳасининг асосий йўналишлари, ундан кутилаётган натижалар ва лойиҳанинг икки томонлама мажбуриятлари муҳокама қилинди.
«Wanlin Group» компаниясининг вакиллари, лойиҳанинг фаолияти икки асосий йўналишда олиб борилиши белгиланганини таъкидладилар. Бунда аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техник хизматларини тақдим этиш ҳамда аграр соҳани қўллаб-қувватловчи бошқа тармоқларни ривожлантириш мақсад қилинган. Компания мамлакатимизда сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган йирик корхона ташкил этишни, унинг 90 фоизини Европа бозорларига экспорт қилишни режалаштирмоқда, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Учрашув давомида томонлар дунё бўйлаб қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаблар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ва тайёр маҳсулотни экспорт қилишда логистик афзалликлар ҳақида фикр алмашдилар. Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви ва денгизга чиқиш имконияти бўлмагани сабабли транспорт харажатларини камайтириш учун давлат томонидан кўрсатилаётган енгилликлар ҳам муҳокама қилинди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА