Нукусда ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда “Қўбиз ва жиров анъаналарини асраш: номоддий маданий меросни таълим тизимига интеграция қилиш” мавзусида икки кунлик ўқув дастури ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси ҳамда Маданият вазирлигининг амалий кўмагида ташкил этилган тадбирда қўбиз ва жиров анъаналарини мисол тариқасида кўрсатиш орқали Номоддий маданий мерос тушунчаси ва тамойилларини тарғиб қилиш ёрдамида ушбу мавзунинг аҳамияти ёритиб берилди.
Ушбу анъаналар нафақат Қорақалпоғистоннинг бой маданий меросини акс эттиради, балки анъанавий урф-одатлар таълим жараёнларини бойитувчи кучли восита эканини ҳам намоён этади. Семинар педагоглар ва таълим муассасалари ўртасида ушбу меросни тарғиб қилиш орқали маданий ўзликни мустаҳкамлаш, ижодкорликни ривожлантириш ва авлодлар ўртасидаги ришталарни кучайтиришни мақсад қилган. Шу каби ташаббуслар орқали таълим номоддий маданий меросни сақлаш ва унинг ҳаётийлигини таъминлашда муҳим платформага айланади.
Семинарда мутахассислар, ёш маҳоратли санъаткорлар, халқ ижрочилари, ҳунармандлар ва педагоглар иштирок этиб, анъанавий кўникмалар ва билимларни чуқурроқ ўрганиш, шунингдек, қўбиз ва жиров анъаналарини сақлаш, тарғиб қилиш ва келажакка етказиш бўйича илғор тажрибаларни алмашиш имкониятига эга бўлди.
Тадбирда қўбиз ва жиров анъаналарига бағишланган ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилди. Фильм ушбу маданий мероснинг бойлигини намойиш этган ҳолда нафақат кенг оммага таъсирчан ўқув ресурси сифатида, балки ўқитувчилар ва кенг жамоатчиликни ушбу анъаналарни сақлаш учун фаол ҳисса қўшишга илҳомлантирувчи восита сифатида ҳам хизмат қилади.
Қўбиз мусиқа асбобини ясаш санъати ва унга боғлиқ жиров ижрочилик анъанаси Қорақалпоғистон маданий меросининг муҳим қисми ҳисобланади. Бироқ, ушбу анъаналар усталар сони камайиши, ёш авлодлар орасида хабардорликнинг сустлиги ва билимларни сақлаш ҳамда уларни авлодларга етказишда юзага келаётган қийинчиликлар каби муаммоларга дуч келмоқда.
Мазкур семинар “Aнъанавий мусиқа асбоби қўбиз ясаш ва жиров ижро анъаналарини сақлаш бўйича тезкор чоралар” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Ушбу лойиҳа ЮНЕСКО ташкилотининг 2003 йилги конвенсияси Номоддий маданий мерос жамғармаси томонидан молиялаштирилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади – Қорақалпоғистоннинг жонли меросини, хусусан, қўбиз ва жиров анъаналарини сақлаб қолиш ва ушбу маданий меросни асраб-авайлашнинг аҳамияти ҳақида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида хабардорликни оширишдан иборат.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА