Ҳафта дайжести (09.12-15.12.2024)

Ассалому алайкум. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги виртуал мухбири сизларни ўтган ҳафтада содир бўлган муҳим воқеа ва ҳодисалар тафсилотлари билан таништиради.
Ўнинчи декабрь Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун.
Бир минг тўққиз юз тўқсон иккинчи йил ўнинчи декабрь куни Олий Кенгашнинг тўрт юздан зиёд депутат йиғилган ўн биринчи сессиясида Мутал Бурхонов мусиқаси ва Абдулла Орипов сўзи муаллифлигидаги ҳозирги мадҳиямиз қабул қилинган. Ушбу сана Ўзбекистон бўйлаб кенг нишонланди.
***
Ўн биринчи декабрь куни Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратовни эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Сенаторлар Президент тақдимига биноан Тимур Ишметов номзодини Марказий банк раиси лавозимига тасдиқлади. Тимур Ишметов бунга қадар Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.
***
Йигирма саккизинчи ноябрь кунидан ўн биринчи декабрь кунига қадар Таиландда бокс бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик боксчилар ўн битта олтин, олтита кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида медал жамғаришда биринчи бўлди.
***
Ўн иккинчи декабрь куни Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Абдулла Арипов иштирок этди ва нутқ сўзлади.
***
Ўн иккинчи декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева “Кўнгил Кўзи” лойиҳаси доирасида Тошкент планетарийсида кўришда нуқсони бўлган самарқандлик болалар билан учрашди.
Учрашув давомида болалар ўзларининг ижод намуналари билан ўртоқлашдилар, сўнгра “Дот Пад” технологияси ёрдамида улар қуёш тизимини “ушлаб кўриш” имконига эга бўлишди.
***
Ўн учинчи декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўн саккизта янги қувватлар ишга туширилаётгани ва навбатдаги олтита лойиҳа қурилишига старт берилаётганини энергетика соҳасидаги тарихий воқеа деб атади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати уч миллиард етти юз миллион долларни ташкил этади. Мазкур лойиҳалар ишга тушгач тўрт миллион хонадонни узлуксиз энергия билан таъминлаш мумкин бўлади.
***
Ўзбекистонда ижтимоий карта жорий қилинади. Мазкур карта ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга берилади ҳамда улар олтмиш бешта давлат хизматидан ортиқча ҳужжатларсиз фойдаланиш имконига эга бўлади. Мазкур карта қуйидаги имкониятларни беради: автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига бюджетдан компенсация олиш, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади. Бу тизим икки минг йигирма бешинчи йил биринчи июлгача Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синовдан ўтказилади, йил якунигача ҳамма жойда ишга туширилади.
***
Бугунга етказмоқчи бўлган хабарларимиз шулардан иборат. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигини кузатишда давом этинг.