Марказий банк 2025 йил учун тизимли аҳамиятга молик банклар рўйхатини тасдиқлади. 2024 йил 1 октябрь ҳолатига уларнинг Ўзбекистон банк тизимининг активлардаги улуши 67 фоизни ташкил этмоқда.
Регулятор хабарига кўра, Ўзмиллийбанк, Агробанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Халқ банки, Асакабанк, Ипотека-банк, Капиталбанк 2025 йил учун маҳаллий тизимли аҳамиятга молик банклар сифатида белгиланмоқда. Мазкур банклар республика банк тизими барқарорлигига сезиларли таъсир қилиши мумкин экани қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2023 йил 18 февралдаги қарори билан “Тизимли аҳамиятга молик банкларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом“ тасдиқланган.
Мазкур низом Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг “Маҳаллий тизимли аҳамиятга молик банкларни аниқлашнинг ҳадли шартлари тўғрисида”ги йўриқномаси, хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳамда миллий банк тизимининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Низомга мувофиқ, республика банк тизими барқарорлигига сезиларли таъсир қилиши мумкин бўлган тизимли аҳамиятга молик банклар 4 та мезон асосида аниқланади.
Банкнинг актив ва мажбуриятлари ҳажми – банк активлари ва балансдан ташқари моддалари ҳажмининг барча банклар умумий активлари ва балансдан ташқари моддалари жами ҳажмидаги улуши асосида аниқланади.
Банкнинг банк тизими иштирокчилари билан ўзаро боғлиқлиги – банкнинг бошқа банкларда жойлаштирилган активлари ва унинг бошқа банклар олдидаги мажбуриятлари ҳажмининг барча банкларнинг бошқа банклардаги активлари ва бошқа банклар олдидаги мажбуриятлари жами ҳажмидаги улуши асосида аниқланади.
Банкнинг қамрови – банкнинг маҳаллий тўловлар ва ўтказмалар ҳажми ва сонининг, иқтисодиёт тармоқлари кесимида ажратилган кредитлар ҳажмининг, банкдаги жисмоний шахслар ва юридик шахслар омонатлари ҳажмининг банк тизими бўйича тегишли жами кўрсаткичлардаги улушлари ҳамда банкнинг хизмат кўрсатиш нуқталари сони асосида аниқланади.
Банк операциялари мураккаблиги – банкнинг трансчегаравий (халқаро) мажбуриятлари суммасининг республикадаги барча банклар трансчегаравий мажбуриятлари умумий суммасидаги улуши асосида баҳоланади.
Марказий банкнинг қайд этишича, тизимли аҳамиятга молик деб топилган банклар учун алоҳида банк назорати ўрнатилади. Ушбу банкларнинг тўловга қобилиятли бўлиши нафақат молия тизимининг, балки бутун иқтисодиётнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ноябрь ойида Марказий банк саккизта банкка нисбатан жарима санкцияси қўллагани ҳақида хабар берилганди.
Ш.Маматуропова, ЎзА