Маълумки, тупроқ маълумотларини рақамлаштириш қишлоқ хўжалигида жуда муҳим ҳисобланади ва тизимнинг қарийб барча соҳаларига ўз таъсирини ўтказади. Шу боис ҳам бугун мамлакатимизда ер майдонларидаги тупроқларни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу кунларда “Тупроқсифаттаҳлил” ДУК томонидан Жанубий Кореянинг Осиё озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорлик ташаббуси ҳамда Қишлоқ тараққиёт бошқармаси билан ҳамкорликда 2023-2026 йилларда “Қишлоқ озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун Миллий тупроқ ахборот тизимини яратиш” жумладан, “Тупроқ маълумотларини рақамлаштириш” лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, Жанубий Кореянинг Осиё озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорлик ташаббуси томонидан 15 та мамлакатда тупроқ йўналишида молиялаштирилган лойиҳаларнинг биринчи йиллик таҳлили асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган “Тупроқ маълумотларини рақамлаштириш” лойиҳаси энг яхши лойиҳа сифатида эътироф этилди. Бу ютуқ лойиҳанинг самарадорлигини ва унинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини кўрсатади.

Гулноза Бобоева,  

ЎзА