Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Олий суд раиси Б.Исломов раислик қилган мажлисда ер, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти билан боғлиқ пленум қарорлари кўриб чиқилди.
Конституциядан ерга доир алоҳида норма ўрин олган бўлиб, 68-моддада ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик экани эътироф этилган. Улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ер билан боғлиқ ҳар қандай муносабат муҳим ва давлат томонидан тартибга солинади. Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ жиноят ишлари кўпайиб бораётгани, судлар томонидан бу тоифадаги ишларни кўришда жиноятларни квалификация қилиш, жазо тайинлаш, фуқаровий даъво масаласини ҳал қилиш амалиётининг турлича ҳал қилинаётгани, ягона амалиётнинг шаклланмагани сабабли бу тоифадаги ишларни кўришда судларга қонунни амалда тўғри қўллаш юзасидан тушунтириш бериш зарурати юзага келди.
– Шу муносабат билан Олий суд пленумининг “Ер билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилди, – деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – Унда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер бериш тартибини бузиш, ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш жиноятларининг зарурий белгилари, уларни квалификация қилишнинг ўзига хос жиҳатлари ва бошқа ўхшаш таркибли жиноятлардан фарқи ҳақида тушунтиришлар берилган.
Пленум қарори бу тоифадаги ишларни кўриш жараёнида одил судловга эришишга хизмат қилиш билан бирга, суд амалиётини бирхиллаштириш, қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилади. Давлат божи бошқа турдаги мажбурий тўловлар қатори Давлат бюджети даромадларини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этади. Шу боис, ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, судлар давлат божини ундириш тўғрисидаги қонун талабларига қатъий риоя этишлари талаб қилинади.
Олий суд пленумининг “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарори суд харажатларини ундириш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Шу кунгача амалда бўлган “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги пленуми қарори 15 йил аввал қабул қилинган бўлиб, бу давр ичида қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар юз берди. Бу эса, мазкур пленум қарорини ҳам қайтадан кўриб чиққан ҳолда унинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди.
Янги қарор амалиётда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларнинг келгусида олдини олиш, амалиётдаги айрим ноаниқ ҳолатлар юзасидан тушунтириш бериш, судлар томонидан қонун нормаларини бир хил талқин қилиниши ва ягона амалиётни яратишга қаратилган.
Пленум қарорига судлар томонидан давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, судларда турлича амалиёт юзага келишига сабаб бўлган ҳолатларга батафсил тушунтиришлар бериш ҳақидаги янги бандлар киритилди.
Олий суд пленумининг “Иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори ҳам суд харажатларини ундириш масаласига доир қонунчиликнинг судлар томонидан тўғри қўлланилиши ва амалиётни бирхиллаштиришни таъминлашга қаратилган.
Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд ва Судьялар ассоциацияси раислари, сенаторлар, депутатлар, Омбудсман, Болалар омбудсмани ҳамда Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, ОАВ вакиллари иштирок этган мажлисда кўриб чиқилган қарорлар ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Пленум қарорлари матнлари Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, Олий суд ахборотномаси ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА