“BMB Za’faron” бренди остида ишлаб чиқарилаётган заъфаронли маҳсулотлар ҳамда “BMB Agro Plus” корхонасида қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Республика тармоқлараро саноат ярмаркасидаги намойиши кўпчиликнинг диққат марказида бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомаркази”да жорий йилнинг 12 декабрида бошланган ярмарка бугун ниҳоясига етади.
Ушбу кўргазма давомида тармоқлар томонидан импорт қилинаётган ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, маҳаллийлаштириш бўйича инвестиция лойиҳа таклифлари, янги лойиҳалар доирасида “маҳаллий контент” улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Мазкур нуфузли кўргазмада заъфарон маҳсулотидан ташқари “BMB HOLDING” компанияси таркибига кирувчи, асосан Жиззах вилояти ҳудудида фаолият олиб бораётган корхоналар ҳам ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этмоқда.
Компания таркибидаги экспортга ихтисослашган корхоналар томонидан узлуксиз равишда юртимизда етиштирилиб, қайта ишланган юқори сифатли, жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нафақат қўшни давлатларга, балки Осиё ва Европа қитъаларнинг қатор мамлакатларига ҳам етказиб берилаётгани таҳсинга молик.
Жумладан, хурмо, олма, лимоннинг бир нечта турлари, пиёз, ловия, ошқовоқ каби сабзавот ва полиз маҳсулотлари BMB-NRC Agrologistics” мажмуаси орқали Россия, Қозоғистон, Покистон, Хитой, Туркия, Латвия, Эрон ҳамда Грузия давлатларига экспорт қилинмоқда.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири