Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, “Тонг юлдузи” ҳамда “Класс” республика болалар нашрлари таҳририятлари билан ҳамкорликда ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.
Унда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини, айниқса болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини қайд этди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги ва “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси қабул қилинганлигининг 35 йиллиги тантаналари доирасида ташкил этилди.
Танловга 2024 йил февраль ойида старт берилган эди. Ўтган даврда бу борадаги ижодий мусобақалар 4 та йўналиш, яъни “Энг яхши мақола ва иншо”, “Энг яхши шеър”, “Энг яхши расм”, “Энг яхши видео ролик” номинациялари бўйича ташкил этилди.
Шу қисқа вақт ичида ёш ижодкорлар томонидан “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталари таҳририятига 300 дан ортиқ материал ва ижодий ишлар келиб тушди. Танловда пойтахтимиз, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги мактаб ўқувчилари анча фаоллик кўрсатди. Натижада 16 нафар иқтидорли ўқувчи ижодий мусобақаларнинг 4 та йўналиши бўйича 1, 2, 3-ўринлар ва рағбатлантирувчи номинацияларга сазовор бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини таъминлашда халқаро стандартлар ва миллий механизмларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилган.
Бу каби танловлар ёш авлод қалбига она Ватанга меҳр, садоқат ва ҳурмат туйғуларини янада чуқур сингдиришга, фарзандларимизни Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Қолаверса, болалар ўзларининг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан оқилона фойдаланишлари ва мажбуриятларини теран ҳис этишлари учун муҳим туртки бўлиши тайин.
Тантанали тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг янги очилган «Инсон ҳуқуқлари уйи»да гибрид форматда ўтказилди.
Гўзал Сатторова, ЎзА