Эртага пойтахтимиз Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун жаҳон профессионаллар серияси («World Seriyes Pro») турнирининг финал баҳслари бўлиб ўтади. “Универсал” спорт саройида ўтказиладиган ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг энг кучли полвонлари 10 та вазнда – эркаклар -66, -73, -81, -90, -100, +100 килограммда, аёллар -52, -63, -78, +87 кило оғирликларда ўзаро куч синашади.
Соврин жамғармаси 170 минг АҚШ долларидан иборат турнирда иштирок этадиган бир қатор давлатларнинг спорт делегациялари юртимизга етиб келмоқда. Бугун, 16 декабрь куни халқаро турнир ўтказилиши олдидан техник қўмита, ҳакамлар ва чет эл спорт делегация вакиллари иштирокида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Бугунгача «World Seriyes Pro» турнирида қатнашадиган Жанубий Африка, Эрон, Тожикистон, Ҳиндистон, Россия, Молдова каби давлатларнинг терма жамоалари юртимизга етиб келди. Уларни пойтахт аэропортида Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан бириктирилган ташкилий қўмита аъзолари тантанали кутиб олди.
Хорижий давлатларнинг спорт делегацияларининг ташрифи давом этмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА