Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида икки мамлакат тўқимачилик, озиқ-овқат ҳамда қурилиш соҳаларида фаолият юритувчи ишбилармонлар иштирокида Ўзбекистон-Германия бизнес форуми бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамда “MUSIAD Hessen e.V” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир давомида мамлакатимизнинг инвестицион салоҳияти намойиш этилди. Шунингдек, икки давлат ўртасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилган келишувлар натижалари бўйича муҳокамалар ўтказилди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Германия сармояси иштирокида 221 та корхона фаолият юритмоқда.

Форум якунида Ўзбекистон ҳамда Германия ишбилармонлари манфаатли савдо шартномаларини тузиш борасидаги масалаларни атрофлича ишлаб чиқди.

Б.Худойбердиев, ЎзА