Гандбол: Марказий Осиё чемпионатининг илк ўйинида ҳамюртларимиз ғалабага эришди
254

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида гандбол бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида Марказий Осиё чемпионати ўтказилмоқда.
Мусобақанинг эркаклар жамоалари биринчилигида Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Покистон ва Мўғулистон терма жамоалари иштирок этмоқда.

Мазкур нуфузли мусобақада Ботир Караджаев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Кеча чемпионатнинг дастлабки ўйинлари бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик гандболчилар Қирғизистон терма жамоаси билан куч синашди.

Мамлакатимиз гандболчиларининг тўлиқ устунлигида ўтган баҳсда ҳамюртларимиз ўн икки тўп фарқи билан қирғизистонлик рақибларини мағлуб этди. Ўзбекистон-Қирғизистон – 41:29.
Бугун, 16 декабрь куни мусобақанинг навбатдаги босқич учрашувлари ташкил этилади.
Чемпионат 21 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА