Венгриянинг Будапешт шаҳрида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича U20 ёш тоифасидаги қизлар ўртасида жаҳон кубоги босқичининг жамоавий баҳслари ўтказилди.

Унда Аякоз Жумамуратова, Гулистан Пердибаева, Самира Шокирова ва Эррера Лара Луиса Фернанда каби моҳир қиличбозлардан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси кумуш медалга сазовор бўлди. Жаҳон кубогининг олтин медали Венгрия терма жамоасига насиб этган бўлса, Буюк Британия термаси бронза медаль билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида: Жаҳон кубогида Франция, Испания, Болгария, Венгрия, Ҳонгконг, Хитой, АҚШ, Руминия, Туркия, Польша, Ўзбекистон, Грузия ва бошқа давлатлардан 200 дан ортиқ спортчилар ғолиблик учун кураш олиб борди.

Таъкидлаш жоизки, термамиз аъзоси Гулистан Пердибаева яккалик баҳсларда кумуш медаль соҳибига айланган эди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА