Венгриянинг Будапешт шаҳрида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ёшлар тоифасида қизлар ўртасида жаҳон кубогининг яккалик баҳслари бўлиб ўтди.

Жаҳон кубогининг ушбу босқичида Франция, Испания, Болгария, Венгрия, Ҳонгконг, Хитой, АҚШ, Руминия, Туркия, Польша, Ўзбекистон, Грузия ва бошқа давлатлардан 200 дан ортиқ спортчилар ғолиблик учун кураш олиб борди. Ушбу баҳсларда Ўзбекистон Миллий терма жамоаси Аякоз Жумамуратова, Гулистан Пердибоева, Самира Шокирова ва Эррера Лара Луиса Фернанда каби қиличбозлар билан иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, термамиз аъзоси Гулистан Пердибоева чорак финалда хитойлик спортчини 15:11, ярим финалда эса Грузия спортчисини 15:9 ҳисобида мағлуб этганди.

Бироқ у финал баҳсида хитойлик спортчига мағлуб бўлди ва жаҳон кубогининг кумуш медалини қўлга киритди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА