Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти томонидан ёшлар иштирокида партиянинг “Ёш экологлар” қанотини таъсис этиш, Кенгаш аъзолари, Кенгаш раисларини сайлаш масаласига бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда шаҳар ва туман партия ташкилоти Кенгаши раислари, Ёшлар парламенти, шаҳар ва туман “Ёшлар қаноти” аъзолари, олий таълим муассасаларининг экология йўналиши бўйича профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

ЗООМ платформаси орқали онлайн иштирок этган Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши масъул ходимлари томонидан “Ёш экологлар” қанотини таъсис этишдан мақсад, партиянинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ёшларни кенг жалб қилиш, ўсиб келаётган ёш авлод орасида экологик маданиятни кенг тарғиб қилиш орқали экологик барқарорликка эришиш зарурлиги таъкидланди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда экологик ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳамда “Ёш экологлар” қанотининг мақсад ва вазифалари, масъулияти ҳақида батафсил маълумот берди. Конференцияда  ёшларнинг ташаббуси ҳамда қўллаб-қувватлаши билан “Ёш экологлар” қаноти таъсис этилди. Шунингдек, унинг аъзолари ва раиси сайланди.

Конференция якунида декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши томонидан республика “Ёш экологлар” қаноти конференциясини ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА