Фан олимпиадаси ғолиблари тақдирланди

Нукус шаҳридаги Темурбеклар мактабида 9-11 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган асосий фан олимпиадаси Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаева иштирок этиб, фан олимпиадасида ғолиб бўлган ўқувчиларни табриклади. Ташкилотчилар томонидан ғолиб ўқувчилар диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Жумладан, биринчи ўринни эгаллаган ўқувчиларга 2 миллион 250 минг сўм, иккинчи ўрин учун 1 миллион 500 минг сўм, учинчи ўрин учун 1 миллион 125 минг сўмдан мукофот пули топширилди.

Кузги саноқ ўтказилди  

“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи, “Судоче-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси, Ўзбекистон Фанлар Aкадемияси Қорақалпоғистон бўлими, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг экология факультети билан биргаликда мавжуд ҳайвонларнинг кузги саноғи ўтказилди.

Ўрганишлар Сариқамиш кўли, Қойчак, Қуруқкўл, Қоплонқир, Қозоқли, Қулонтақир ва Шахпахта йўналишлари бўйича олиб борилди. Тадбир давомида 58 та Устюрт қўйи, 541 та жайрон, 9 та ёввойи чўчқа, 69 та туркман қулони, 3 та тулки, 11 та бўри тўдасининг излари ҳамда қушлардан 5 та чўл бургути, 1 минг 251 та олмабош ўрдак, 900 та қашқалдоқ, 1 та бойўғли тури аниқланди.

Фирибгарлик ҳолати фош этилди  

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри бўлими ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати фош этилди.

Фуқаро Д.Ж. (муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган) фуқаро А.С.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Нукус шаҳридаги туғруқхонага 3 минг 100 доллар эвазига ишга киритиб қўйишини ваъда қилиб, олдиндан 1 минг 600 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири