“Қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан, қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб беришда амалдаги қонунчиликка мувофиқ қўлланиладиган имтиёзлар (субсидия, солиқ ва божхона имтиёзлари ва молиявий ёрдамлар) фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва дилерлар орқали муомалага чиқариладиган қишлоқ хўжалиги техникаларига нисбатан татбиқ этилади.
2027 йил 1 январгача қуйидагилар божхона божидан ва утилизация йиғимидан озод қилинади:
— белгиланган талабларга жавоб берадиган пахта териш комбайнлари, ўзиюрар озуқа йиғувчи ва боғдорчилик комбайнлари, кўчат кўмиш ва очиш техникалари;
— маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва дилерлик хизмати томонидан хориждан олиб келинадиган янги пахта териш комбайнлари, ўзиюрар озуқа йиғувчи ва боғдорчилик комбайнлари, кўчат кўмиш ва очиш техникалари.
2025 йил 1 мартдан имтиёзлардан фойдаланган ҳолда харид қилинган, шу жумладан, республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги тракторлар ва комбайнларни уларга GPS қурилмасини ўрнатмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.
2028 йил 1 январдан асосий пахта ва ғалла ҳосили учун пахта чигити ва буғдойни экишда аниқ доналаб экмайдиган сеялкалардан фойдаланиш тақиқланади.
Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатувчи тадбиркорларнинг буюртмаси (талаби) бўйича аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмасига асосан ишсиз ёшларни замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатувчи мутахассис сифатида ва ушбу техникаларни бошқарувчи операторликка (тракторчи-машинист) ўқитиш ва қайта тайёрлаш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш, агротехник хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, экин майдонларини лазерли ер текислагич ёрдамида текислаш, ғўзани чилпиш (чеканка) ва дефолиациялаш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга (бундан кластерлар мустасно) юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.
Қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар томонидан ўз эҳтиёжи учун ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган қишлоқ хўжалиги техникаларининг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари 2028 йил 1 январгача божхона божидан озод қилинади.
ЎзА