Ўзбекистон спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси мутасадди раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги спорт таълим муассасаларини кўздан кечирди.
Дастлабки манзил Нукус Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази бўлди. Ташриф чоғида мутасадди раҳбарлар муассаса фаолияти ва унинг моддий-техник базасини ўрганди. У ерда таълим олаётган ёш ўқувчилар билан учрашиб, дарс жараёнлари, уларнинг режалари борасида суҳбатлашилди.
Қайд этиш жоизки, қорақалпоқ замини дзюдо, спорт курашлари, қиличбозлик, оғир атлетика каби йўналишларда асосий терма жамоага кучли атлетларни етиштириб берган. Шу боис, мазкур спорт турларига ихтисослашган Хўжайли туман спорт мактаби, Нукус олий спорт ҳамда яккакураш турларига ихтисослашган спорт мактаблари ҳам кўздан кечирилди.
Ўрганишлардан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев, Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва соҳа мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳудудий федерацияларнинг иш фаолиятини кучайтириш, жамоавий спорт турларига ҳам эътибор қаратиш, янги Олимпия циклида терма жамоа таркибига номзод спортчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби мавзуларда маслаҳат берилди ва бу борада маҳаллий мутахассисларнинг таклиф ва тавсиялари тингланди.
МОҚ матбуот хизмати хабарига кўра, Спорт вазирлиги ҳамда МОҚ раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ўрганиш ишлари Хоразм вилоятида давом этди. Расмийларга бу жараёнда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муроджон Ачилов ҳамроҳлик қилди.
Хоразм сафари Гурлан туманидаги спорт мактабини ўрганиш билан бошланди. Шундан сўнг Янгибозор туманидаги кураш маҳорати мактаби, Урганчдаги «Ёшлик» спорт мажмуаси ҳам кўздан кечирилди. Бунда ҳар бир ҳудудда бўлгани каби мазкур муассасаларнинг фаолияти, ўқувчиларга яратилган шароитлар батафсил кўриб чиқилди. Шунингдек, Урганч Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази фаолияти ўрганилди. Ўрганиш ишлари давомида марказнинг ҳолати, қиш мавсумига тайёргарлик даражаси, тиббиёт бўлими ва машғулотлар жадвали билан батафсил танишилди.
Сафар якунида вилоят ҳокимлиги, спорт бошқармаси мутасаддилари, федерацияларнинг ҳудудий вакиллари билан яқин ва ўрта давр учун режалар, “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёни, унда аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатлар борасида учрашув ўтказилди. Суҳбат давомида мутахассисларнинг таклифлари ўрганилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА