Жорий йилнинг 28 ноябридан 11 декабрига қадар Таиландда бокс бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди ва унда Ўзбекистон терма жамоаси 11 та олтин, 6 та кумуш, 3 та бронза, жами 20 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида медаль жамғаришда биринчи бўлди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ушбу юксак ғалабаларга эришган спортчиларимизни вазирлик ва идоралар, спорт жамоатчилиги вакиллари, ота-оналар ва мухлислар муносиб кутиб олди.
Чемпионатда 21 давлатдан келган 210 нафар боксчи ғолиблик учун ўзаро куч синашди. Унда эркаклар 13, аёллар эса 12 вазнда Осиё чемпионлиги учун рингга кўтарилди.
Мусобақанинг эркаклар ўртасидаги беллашувларида терма жамоамиз таркибида Шодиёржон Мелиқўзиев, Асилбек Жалилов, Миразизбек Мирзахалилов Мужибилло Турсунов, Ҳавасбек Асадуллаев, Адҳамжон Муҳиддинов, Жавоҳир Умматалиев ва Тўрабек Ҳабибуллаев каби боксчиларимиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Ўз вазн тоифаларида финалга қадар ўтказилган беллашувларда ғалаба қозонган Шаҳзод Музаффаров ва Жасурбек Йўлдошев Осиё чемпионати кумуш медалига сазовор бўлди. Мусобақада оғир вазнли боксчимиз Жаҳонгир Зокиров бронза медалига эга чиқди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 8 олтин, 2 кумуш ва 1 бронза, жами 11 медалга эга чиқиб, ўзбек бокси дунёда ва қитъамизда ҳамон етакчи эканини исботлади.
Чиангмай шаҳрида ташкил этилган қитъа биринчилигининг аёллар йўналишида Фарзона Фозилова, Феруза Казакова ҳамда Навбаҳор Ҳамидова ўз вазнларида олтин медалга сазовор бўлди. Финалга қадар ўтган жангларда зафар қучган Азиза Ёқубова, Нигина Ўктамова, Азиза Зокирова, Олтиной Сотимбоева кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, чемпионатда Сабина Бобоқулова ва Соҳиба Рўзметова каби чарм қўлқоп усталаримиз бронза медали соҳиби бўлди.
Ҳа, мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз олдига қўйган мақсадларни рўёбга чиқариш, жаҳон узра Ўзбекистондек қудратли юртнинг муносиб фарзандлари эканини исботлашга аҳд қилган, ҳар томонлама етук авлод вояга етмоқда. Улар эришаётган ютуқлар барчамизга фахр-ифтихор бағишлаётир.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА