Бугун Грузияда сайловчилар коллегияси иштирокида президентлик сайловлари бошланди. Мамлакат тарихида биринчи марта давлат раҳбарини халқ эмас, балки парламент биносида сайловчилар коллегияси сайлайди. Янги президент 300 нафар парламентар ва турли даражадаги депутатлардан иборат ҳайъат томонидан сайланади.
Маълумки, яқинда Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтган эди. Унда депутатлик ўринларининг катта қисми ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясига тегишли бўлди. Шу боис, партия300 кишидан 211 делегатга эга.
Сайлов жараёни парламент сайти ва ижтимоий тармоқларда жонли эфирда намойиш этилиб борилади. Сайлов кун ярмида ниҳоясига етади. Шундан сўнг Грузия Марказий сайлов комиссияси йиғилиш ўтказиб, овоз бериш натижаларини якунлайди ва ҳайъат натижаларини эълон қилади.
Бу галги сайловда президентликка ягона даъвогар собиқ футболчи, ҳозирда депутат Михаил Кавелашвили бўлиб турибди. Унинг номзоди ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси томонидан илгари сурилган.
Таъкидлаш жоизки, Грузияда янги президентни сайлаш учун овоз бериш жараёни мухолифатчиларнинг парламент биноси олдида ўтказаётган норозилик чиқишлари шароитида ўтмоқда.
Амалдаги президент Саломе Зурабишвили ҳам мухолифатчилар тарафида бўлиб, бироз аввалроқ президентлик лавозимини тарк этмаслигини айтган эди. Зурабишвили ноябрь ойида мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини тан олмаслигини таъкидлаб келади. Шунингдек, у ўзини ҳокимиятнинг ягона қонуний вакили деб ҳисоблаб, президентлик сайлови жараёнига “бемаънилик” дея таъриф берган.
Бунга жавобан, Бош вазир Ираклий Кобахидзе Зурабишвилининг “руҳий ҳолатини” тушунишини, бироқ 29 декабрь инаугурация куни у ўз қароргоҳини тарк этиши ва бинони қонуний сайланган президентга топшириши кераклигини айтган.
С.Раҳимов, ЎзА