Ўмон Султонлигининг Тошкентдаги элчихонасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Ўмон Савдо саноат палатасининг Жанубий Аш-Шарқия муҳофазасидаги бошқармаси раиси Анвар Ҳамид Ал-Сананий бошчилигидаги 30 га яқин тадбиркорлар делегацияси билан маҳаллий бизнес вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт салоҳиятини ошириш, янги имкониятлар яратиш, шунингдек, ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
– Ўлкангизга ташрифимиздан жуда хурсандмиз, – деди Анвар Ҳамид Ал-Сананий. – Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар жуда қадимий ва биз бу муносабатларни иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш истагидамиз. Юртингизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича кўп йиллик тажрибаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.
Ўзбекистон – Ўмон бизнес форуми ҳамда B2B форматдаги икки томонлама учрашувларда Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо бинт Жабр Носир Ал-Бусаидий хоним жумладан, шундай деди:
– Ушбу форум давомида имкониятлар ва муаммолар, потенциал лойиҳалар ҳақида суҳбатлашдик. Ишбилармон доира вакиллари аниқ лойиҳа таклифлари асосида бизнес ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди.
Қувонарли жиҳати, анжуман доирасида Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси ва Ўмоннинг “Thunder Logistics” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Ўмонлик ҳамда ўзбекистонлик тадбиркорлар янги иқтисодий имкониятлар эшигини очувчи ушбу йиғинларда шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, савдо ва сармоявий ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор эканини билдирдилар.
Муҳаррама Пирматова, Аслиддин Алижонов (сурат), Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА