Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида тармоқ корхоналари 37,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, прогнозни 104 фоизга, ўтган йилга нисбатан эса ўсишни 111,5 фоизга таъминлади.

Шу даврда 16,1 миллион тонна цемент, 40,7 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 48 миллион квадрат метр керамик плитка, 86 миллион квадрат метр гипсокартон ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Экспорт кўрсаткичлари ҳам юқори бўлиб, 753,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди ва режа 103 фоизга бажарилди. Шунингдек, 2,03 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилди, шундан 1,32 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардан иборат.

Йил якунида 40 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш 112 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Экспорт ҳажми 800 миллион долларга, маҳаллийлаштириш доирасида ишлаб чиқариш эса 2,15 триллион сўмга етиши прогноз қилинган.

– Соҳа ривожланиши “RWS Оптимум”, “Каракалпак Цемент”, “Metal Invent” ва бошқа етакчи корхоналарда ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳисобига таъминланмоқда. Шунингдек, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, жумладан, юқори маркали цемент ва керамогранит ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Таъкидлаш керакки, 2024-2025 йилларда ҳудудларда умумий қиймати 4,5 миллиард доллар бўлган 529 та лойиҳани амалга ошириш ва 25,5 минг янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шундан 2024 йилда 1,05 миллиард долларлик 309 та лойиҳа ишга туширилади, – деди «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА