ХАМАС БМТдан миннатдор

Фаластин қаршилик ҳаракати – ХАМАС БМТ Бош Ассамблеясига фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш агентлиги (UNRWA) фаолиятини қўллаб-қувватловчи резолюция қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди.
Миср матбуоти хабарига кўра, ХАМАС пайшанба куни қилган баёнотида Исроил ҳукумати ўз сиёсати ва ҳаракатлари билан Ғазо секторидаги гуманитар фалокатни ва икки миллиондан ортиқ фаластинликни қасддан очликдан ўлдиришда давом этаётганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, режим ҳимоясиз тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилаётгани, БМТ ва гуманитар ташкилот ишчилари сиқувга олинаётгани, UNRWA ходимлари орасидаги шаҳидлар сонининг ўзи 203 нафарга етганини билдирди.
Баёнотда халқаро ҳамжамият ва БМТ сионистик режимнинг гуманитар ташкилотларга қарши давом этаётган ҳужумларини тўхтатиши ва сўнгги резолюцияни амалга ошириш учун чоралар кўраётгани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни БМТ Бош Ассамблеяси ушбу резолюцияни қабул қилди, унга кўра 158 мамлакат UNRWAни тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА