Муносабат
Бугун пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт беришга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватлар ишга туширилаётгани ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилаётганини энергетика соҳасидаги тарихий воқеа деб атади.
Хусусан, Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик энергия сақлаш тизими барпо этилди. Бу лойиҳалардан бири ҳақида Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзод Йўлдошев қуйидаги фикрларни билдирди.
– Бугун давлатимиз раҳбари томонидан энергетика соҳасига доир йирик лойиҳаларни ишга туширишга старт берилди. Президентимиз жорий йилнинг июнь ойида вилоятимизга ташрифи чоғида туманимизда Хитой билан ҳамкорликда йирик электр энергиясини сақлаш иншооти қурилишига старт берган эдилар. Қисқа муддатда бунёд этилган ушбу энергетика лойиҳаси ишга тушди.
Албатта, бу Хитой давлати билан 144 миллион долларлик лойиҳа электр энергиясини сақлаш баробарида ўзидан 150 мегаватт электр энергия чиқаради. Тадбиркорликка ихтисослашган туманимиз учун ушбу ташаббус ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга кенг йўл очади.
Таъкидлаганимдек, ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш ортидан нафақат туманимиз, балки қўшни ҳудудлар аҳолисининг электр энергиясига бўлган талаби қондирилади.
Мамлакатимиз энергетика соҳасида олиб бораётган ислоҳотларидан аҳоли ва тадбиркорлар мамнун бўлмоқда.
Очиғини айтиш керакки, шу вақтга қадар бизда электр энергиясини сақлаш деган тушунча бўлмаган. Ушбу манбани нафақат сақлаш, балки уни вақтида етказиб беришда ҳам муаммолар бўлган. Лекин бу шундай лойиҳаки, у Ўзбекистонда ҳозирча биринчилардан. Бу водийга асосан режалаштирилган электр энергиясини худди омбордек сақлаб туради. Электрга талаб юқори бўлган пайтда истеъмолчиларга етказиб берадиган инновацион лойиҳа ҳисобланди.
Лойиҳа уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда электр энергиясини сақлаш иншоотини қуриш, иккинчи босқичда 200 мегаваттли қуёш электр станциясини барпо кўзда тутилган. Якунда 500-600 иш ўрни яратилади.
Мазкур иншоотнинг ҳудуддагига йирик станцияга уланаётгани бир қанча туманларни электр билан барқарор таъминлаш қувватини беради.
Электр энергиясини сақлаш иншоотининг ишга туширилиши, аввало, катта янгилик бўлди. Қолаверса, аҳоли ва истеъмолчиларга энг тиғиз пайтда электр энергиясини етказиб беришда навбатдаги муҳим қадамлардан саналади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.
Носиржон Ҳайдаров олган сурат.