Шу кунларда Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида 28-Global Harmonization Working Party – GHWP йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Ўзбекистон номидан иштирок этаётган Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров “Юртимизда тиббий буюм ва тиббий техника сифатини таъминлашда назорат” мавзусидаги маърузаси билан чиқиш қилди. У ўз нутқида тиббий буюмлар ва тиббий техника хавфсизлигини таъминлашда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизмати тақдим этган маълумотда келтирилишича, мазкур муҳим тадбирда Марказнинг GHWPга аъзоликка қабул қилиш ҳақидаги сўрови ташкилотчилар томонидан бир овоздан маъқулланиб, Ўзбекистон миллий тартибга солиш органи GHWPга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди.
Маълумот учун, GHWP – бу глобал фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий ускуналарни тартибга солиш соҳасидаги халқаро ташкилот бўлиб, унинг мақсади дори воситалари ва тиббий ускуналарнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлашда глобал стандартларни мувофиқлаштириш ва уларга амал қилишни мустаҳкамлашдир.
Ҳозирда GHWPга дунё бўйлаб 30 дан ортиқ мамлакатнинг фармацевтика ва тиббий ускуналарни тартибга солиш органлари аъзо бўлиб, уларнинг қаторида Европа, АҚШ, Япония, Корея, Хитой ва бошқа бир қатор мамлакатлар бор. Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши тартибга солиш соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ ишлаш, илғор тажриба алмашиш ва муаммоларни биргаликда ҳал этиш имконини беради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА